Адлия вазири Қорақалпоғистон Республикасидаги хусусий нотариуслар фаолияти билан яқиндан танишди

Хабарингиз бор Ҳукумат томонидан жорий йил 11 апрелда қабул қилинган “Хусусий нотариал фаолиятни ташкил этишни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорга мувофиқ, ҳудудий адлия органларига бириктирилган ҳамда давлат нотариуслари фойдаланувида бўлган бино ва иншоотларни хусусий нотариусларга ижарага бериш тартиби йўлга қўйилган эди.
Шунга асосан, Республиканинг кўплаб ҳудудларида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларга бино ва иншоотлар ижарага берилиб келинмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри, Ўзбекистон гузари кўчаси 56-уйда жойлашган нотариал идора биноси капитал реконструкция қилиниб, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларга топширилди. Бугунги кунда иморатда 7 та нотариус аҳолига нотариал хизматлар кўрсатмоқда. Янги, шинам, замонавий кўринишдаги нотариал идора таъмирига қарийб 900 млн. сўм ажратилди.
Маълумот учун: Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикаси худудида 2 та давлат ва 46 та хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолият юритмоқда. Нотарислар томонидан жорий йилнинг 8 ойи давомида 60 306 та нотариал ҳаракатлар амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетов Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари чоғида мазкур нотариал идорада бўлиб, шароитлар билан танишган ҳолда, хусусий амалиёт билан шуғулланаётган нотариуслар қонуний ва адолатли фаолият юритиши кераклиги ҳамда хусусий нотариал идоралар давлат томонидан ҳар доим қўллаб-қувватланишини таъкидлади.
Р.Давлетов қорақалпоғистонлик нотариуслар билан мулоқот қилиб, улар ўз фаолиятини амалга оширишда қандай муаммоларга дуч келаётганлигини аниқлаб, бу муаммоларни бартараф этиш учун қандай йўл тутиш кераклиги бўйича ҳам тавсиялар берди.
Бундан ташқари, Адлия вазири Қорақалпоғистондаги Республика нотариал идоравий архиви ва ФҲДЁ архиви фаолияти, у ердаги шароитлари билан ҳам яқиндан танишди.